Telegram Web Link
Forwarded from Shahnoza Soatova blogi
Комил Алламжоновга кўра, ғазалхонлик, шеър, адабиёт илм эмас, ўзни юпатиш воситаси экан.

Ғазал ўқиб, баҳру байт қилмай, илмни трендга олиб чиқиш керак деяптилар.

Майлию, илмни адабиётга зид қўйиш ҳеч бир қуюшқонга сиғмайдиган гап. Худдики сериал олишяпти, ундан кўра мактаб қуринг деган мантиқсиз гап каби. Аввало, адабиёт, айниқса, мумтоз адабиёт - катта илм. Шу илм бўлмаганида, ҳозир умуман ўзбек тили ва миллати қолмасди балки. Қолаверса, бир йўлда кетаётган поезд вагонлари бир-бирига зид ҳаракатлана олмайди, шунчаки, айрим вагонларнинг ғилдираги бузилиб, таркибдан узилиб қолиши мумкин. Ривожланиш учун илм ҳам, миллатнинг қаддини кўтарадиган тарихий-бадиий сериал ҳам, мактаб ҳам, шеъру ғазал ҳам - ҳаммаси керак.

Икки буюк адибнинг таваллуди бир ҳафтага тўғри келса, ғазалхонлик кўп бўлиши табиий. Бошқа пайтлар шу ҳам йўқ ўзи. Бунақа яхши ўйланмаган гапларни айтиш ярашмабди сизга, Комил Исмоилович. Адабиётни тинч қўйинг-да, бемалол илм-фанни трендга олиб чиқаверинг ("Заковат"ни қутқаряпсиз, яхши, лекин бу ҳали илм-фанни трендга олиб чиқиш эмас). Ибн Сино-ю Улуғбекка ҳам олим, ҳам шоир бўлишида адабиёт ҳалақит бермагани каби, сиз назарда тутаётган илм-фанни трендга олиб чиқишингизга ҳам у ҳалақит бермайди. Фақат илм-фанни трендга олиб чиқиб ҳам олим авлод тарбиялай олмаймиз, чунки трендлар бир кўпик, холос, бугун бор, эрта йўқ.

Ҳақиқий илм-фанни ривожлантириш учун эса катта инвестиция ва амалий ишлар керак. Шундан гапиринг ундан кўра.

Айтганча, шахсий фикрим!!!

@shahnozxon
​​Шеърий лаҳзалар

ОНАМ

Мендан олисларда, мендан узоқда,
Тонглардан узоқда, кундан узоқда.
Ўғлисиз ҳувиллаб қолган қишлоқда
Йўлимга интизор онам бор менинг.

Дарё кўнгли недан яралган экан,
Бунчалар теран у, бунчалар улкан.
Хафа бўлишниям эплолмайдиган
Содда ва беозор онам бор менинг.

Қанийди, шу бахтга ета олсайдим,
Шу катта синовдан ўта олсайдим –
Онам кўнглини шод эта олсайдим,
Ўғлидан умидвор онам бор менинг.

Балки тушларида мени кўргандир,
Келар деб нонга сут излаб юргандир,
Йўл бошида илҳақ кутиб тургандир...
Йўлимга интизор онам бор менинг.

Ориф Толиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Шоир Ориф Толиб ижоди билан яқиндан танишишни истасангиз, унинг телеграмдаги каналига аъзо бўлинг:
👉 @oriftolib
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолияти ва аъзоларининг ижоди билан яқиндан танишишни истасангиз, қуйидаги телеграм каналига аъзо бўлинг:

👉 @yozuvchilar_uz
Ҳамал

Эриб битди поёнсиз қорлар,
яна кўҳна замин туллади.
Водийдаги улкан ўриклар
бир кечада оппоқ гуллади.

Оқ булутлар ерга қўндими,
мўъжизалар бўлдими содир?
Оҳ, нақадар ажойиб тунда
оқ машъала экилган водий.

Энди сафсар кечаларда оқ
машъалалар тутиб, улуғвор
кенгликларда кезар чиройли
кундузларни ахтариб баҳор.

Шавкат Раҳмон

@saviyauz
Ўрик гуллаганда

Деразамнинг олдида бир туп
Ўрик оппоқ бўлиб гуллади…

Новдаларни безаб ғунчалар,
Тонгда айтди ҳаёт отини
Ва шаббода қурғур илк саҳар
Олиб кетди гулнинг тотини.

Ҳар баҳорда шу бўлар такрор,
Ҳар баҳор ҳам шундай ўтади,
Қанча тиришсам ҳам, у беор
Еллар мени алдаб кетади.

Майли, дейман ва қилмайман ғаш,
Хаёлимни гулга ўрайман.
Ҳар баҳорга чиққанда яккаш,
Бахтим борми, дея сўрайман.

Юзларимни силаб, сийпалаб,
Бахтинг бор, деб эсади еллар.
Этган каби гўё бир талаб,
Бахтинг бор, деб қушлар чийиллар…

Ҳамма нарса мени қаршилар,
Ҳар бир куртак менга сўйлар роз,
Мен юрганда боғларга тўлар
Фақат бахтни мақтаган овоз:

“Мана сенга олам-олам гул,
Этагингга сиққанича ол,
Бунда толе ҳар нарсадан мўл,
То ўлгунча шу ўлкада қол.

Умрида ҳеч гул кўрмай, йиғлаб
Ўтганларнинг ҳаққи ҳам сенда,
Ҳар баҳорни йиғлаб қаршилаб
Кетганларнинг ҳаққи ҳам сенда…”

Деразамнинг олдида бир туп
Ўрик оппоқ бўлиб гуллади…

Ҳамид Олимжон

@saviyauz
Forwarded from Orif Tolib
Ритм нима?

Ритм сўзи муайян изчиллик, кетма-кетлик асосида такрорланиб, алмашиниб келишни англатади. Масалан, уйдаги деразаларни хаёлга келтиринг. Дераза, девор, дераза, эшик, девор, дераза шаклида алмашиб келади. Битта уйга иккита дераза ўрнатилиши мумкин, лекин битта уйга киргани бир жойга иккита эшик қўйилмайди. Ана шу мантиқли, изчил тартиб ритмдир.

Шеъриятда ҳам ритм бор ва бу шеърнинг муҳим хусусиятларидан биридир. Ритм шеърдаги тўхтам, бўғин ва туроқларнинг изчиллигидир. Бу изчилик ва бир хил тартибга мисра ва бандларда ҳам риоя қилиш керак. Ритмнинг бузилиши оҳангнинг бузилишига олиб келади. Оҳанги бузилган шеър хусусиятини, таъсир кучини йўқотади. Масалан:

Деразамнинг олдида бир туп
Ўрик оппоқ бўлиб гуллади…

Шу парчадаги бўлиб сўзини олиб ташлаб, ўқиб кўрайлик:

Деразамнинг олдида бир туп
Ўрик оппоқ гуллади…

Мусиқийлик йўқолди, шундайми? Чунки биринчи мисрадаги туроқ тартиби (4+5) иккинчи мисрада бузилди (4+3).

Давоми бор...

@oriftolib
Дейдилар...

Дейдилар ит ҳурар, ўтади карвон,
Ранжу балолардан ёнмасин жонинг.
Лекин алам қилар бир умр гирён,
Итлар орасида ўтса карвонинг.

Абдулла Орипов

@saviyauz
* * *

Оқ байталнинг тақаси
Муҳрин босар тупроққа.
Чол охирги чақасин
Тугиб қайтар белбоққа.

Бозор қилиб қайтар чол,
Байталини йўрттириб.
Эгардаги олашол –
Хуржунини бўрттириб.

Кенг қўнжида ипқамчи,
Чўнтагида мурч-зира.
Овул унинг юпанчи,
Овунчоғи – набира.

Набиранинг ризқидир
Хуржундаги “қақа”лар.
Тугамаca бас умр,
Топилади чақалар.

Анвар Обиджон

1979

@saviyauz
Forwarded from Orif Tolib
Ритм нима?

Давоми. Бошланиши бу ерда.

Тўғри, баъзида истисно ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Дейлик, байтнинг тўртинчи мисрасидаги бўғинлар сони бутун шеър давомида фарқланиши мумкин. Лекин шоир бунда туроқнинг ўзгариши шеърнинг оҳангдорлигига таъсир қилмаслигига эришиши керак. Бу катта маҳорат ва тажриба талаб қилади.

Бир-иккита истисно ҳолатни ҳисобга олмаганда, тажрибали шоирлар ҳам ритм талабларига бўйсунади.

Тартиби бузилган шеър – кучи камайган, оҳанрабоси йўқолган шеърдир.

Бир томондан, шеър дегани ўзи – тартибсизлик. Шеърда оддий нутқдаги сўз тартиби кўпинча бузилади. Масалан:

Новдаларни безаб ғунчалар,
Тонгда айтди ҳаёт отини.


мисрасини оддий оғзаки нутқ шаклига ўгирсак, “Ғунчалар тонгда новдаларни безаб, ҳаёт отини айтди” деган жумла ҳосил бўлади. Таъсири, жозибаси йўқолди, шундайми?

Шеър талаб қиладиган тартибсизликнинг ҳам ўз тартиби бор. Шунчаки сўз ўрнини алмаштириб қўйиш билан шеър ҳосил бўлмайди. Тартибдаги шеърни шеър қилувчи уйғунлик, изчиллик ритмдир.

👉 Тўлиқ ўқиш

@oriftolib
АРМОН

Эр йигит эли учун яшайди.
Мақол

Бобомнинг орзулари амалга ошмас бўлса,
Юрган йўлимда ўлан, қўшиқ қалашмас бўлса,
Қўшиқларим боғлардан, тоғлардан ошмас бўлса,
Эл-юрт бахтини куйлаш менга ярашмас бўлса,
Кўнглимда армон ётар
Тура билмас нор мисол.

Хешларимнинг бемаврид кўзларида ёш кўрсам,
Бир мард билан нопокнинг тақдирин туташ кўрсам,
Қайси бир бегуноҳни кенг йўлда адаш кўрсам,
Бир бетайин кимсанинг оёғида бош кўрсам...
Кўнглимда армон ётар
Терскайдаги қор мисол.

Аро йўлда қолгудай бўлса бирор йўлдошим,
Манзилга етмай туриб қоқилса қайғудошим,
Муҳтож бўлса кимгадир жон аямас қурдошим,
Бадкор деган ном олса бирон-бир ватандошим,
Кўнглимда армон ётар,
Улаб бўлмас тор мисол.

Гулзорни алаф босса, зоғ босса боғбон туриб,
Муаллақ қолса кимдир ер туриб, осмон туриб,
Гар газанда топтаса тупроқни посбон туриб,
Бир йўртоқ йўл бошласа қудратли карвон туриб,
Кўнглимда армон ётар
Аҳволи абгор мисол.

Айрилар бўлса магар кимда ким ошёнидан,
Муқаддас тош-тупроғи, серюлдуз осмонидан,
Карвон ўз сарбонидан, бола соябонидан,
Қумри ўз гулшанидан, қундуз Зарафшонидан,
Кўнглимда армон ётар
Бебахт, беназар мисол.

Тўра Сулаймон

@saviyauz
ИЛТИЖО

Баҳор келса, бошланур боғда булбул хониши,
Саъва, қумри нағмаси, суралай товланиши.
Қирларда лола сайли, қишлоқларда йилбоши:
Тўхтагай табиатдан ҳаққушлар зорланиши
Баҳор, кетма менинг боғимдан.

Қилмиши қинғир зотга давр қайда, даврон қайда?
Ватангадо кимсага беминнат макон қайда?
Ёлғиз отга оламда ном қайда, нишон қайда?
Баҳор, сенсиз саҳрою тоғу тошга жон қайда?
Кетма, Баҳор, менинг боғимдан.

Ўлмасликка ишора – ўланга ошиқлигим.
Саодатга ишора – замонга ошиқлигим.
Теранликка ишора – уммонга ошиқлигим,
Гўзалликка ишора – бўстонга ошиқлигим.
Баҳор, кетма менинг боғимдан.

Бу кун қай бир ерда қиш, қайда хазон резгилик,
Қайларда ёз, қайда куз, қайда жондан безгилик.
Кўкламнинг ҳар нафаси умрга арзигулик
Боғсиз, боғбонсиз ерда не ҳам қилсин эзгулик…
Кетма, Баҳор, менинг боғимдан.

Гиёҳ билан қопланмиш кўҳна қабр бошлари,
Майсадаги шудринглар – кимларнинг кўзёшлари?
Бу ерда ётар отам ҳам узангидошлари
Ҳар баҳор эслар уни қавми-қариндошлари,
Баҳор, кетма менинг боғимдан.

Ёз бўйи қорга зорман, қишда баҳорга зорман,
Чаманда гул бўйига интиқман, интизорман,
Куз келмай хазон бўлган севги, гулдан безорман,
Баҳорсиз ҳам диёрсиз эл ичра беназарман.
Баҳор, кетма, менинг боғимдан.

Тўра Сулаймон

@saviyauz
Forwarded from Orif Tolib
Ҳар нарсада ҳикмат бор

Кема ҳалокатидан фақат бир кишигина омон қолди. Уммон тўлқинлари уни кимсасиз оролга олиб бориб ташлади. У титраб-қақшаб Худога ёлворди, қутқаришини сўради.

Одам ҳар куни уфқларга узоқ тикилиб ўтирар, бирор қора кўринармикан деб умид қиларди. Ниҳоят бу ишдан зерикди. Тунаш ва йиртқичлардан ҳимояланиш учун турли шох-шаббалардан бир бошпана қурди. Орадан кунлар ўтди. Бир куни кечгача озиқ-овқат қидириб юрди. Анча-мунча егулик топиб, ҳориб-толиб қайтиб келди. Не кўз билан кўрсинки... Уйи ёниб, бир уюм кулга айланибди. Бу ҳолдан унинг юраги ғазаб ва аламга тўлди:

– Эй Худо, менда нима қасдинг бор!? – деб ўкраб юборди.

Эртаси куни тонгда уни соҳилга яқинлашаётган кема товуши уйғотиб юборди. Кема бу ерга уни қутқариш учун келаётганди.

– Бу ерда эканимни қайдан билдинглар? – деб сўради у ҳайратланиб қутқарувчилардан.

– Ахир кеча ўт ёқиб ишора бердинг-ку! – дейишди кемадагилар.

@oriftolib
This media is not supported in your browser
VIEW IN TELEGRAM
Турк спортининг афсонаси Метин Октай йиллар аввал содир бўлган автоҳалокат натижасида вафот этганди...

Бу юртнинг аслида энг қийматли бойлиги – унинг фуқароси. Шу бойлигидан айрилишини истамасангиз – рулдалигингизда телефонга асло чалғиманг!

Роликдан

Турк биродарларимиз томонидан ишланган ижтимоий рекламани такрор томоша қилдим ва илк маротаба кўрганимдагидай таъсирландим.

Ижодкорлар роликни автоҳалокатда вафот этган футболчи Метин Октай ва ҳозирда ҳаёт бўлган футболчи Эмре Акбаба суҳбати асосига қурган. Яъни унда ўлим ва ҳаёт мотивларини бир-бирига қарама-қарши қўйишган ва кўзлаган натижага эришишган. Роликда яхшилик ҳам, ватанпарварлик ҳам, камтарлик ҳам, панднома ҳам бор.

Ҳар бир ижодкор қўлига қалам олдими, мана шундай гўзал асарлар ёзсин, бўлмаса, қоғозни овора қилмасин! У хоҳ ёзувчи, хоҳ рассом, хоҳ киночи, хоҳ журналист бўлсин, одамларнинг қалбини забт этадиган асарлар қораламаса, ўзини ижодкор санамасин!

Фозил Фарҳод
@fozilfarhod

@saviyauz
Forwarded from Mubaşşir Ahmad
Яна...

"Ҳуббуз-зуҳур" деган ибора бор. Бу ўзбекчада "диққат марказида бўлишга интилиш"га тўғри келади. Қалб касалликларидан бири, ихлоснинг ашаддий душмани ва кемирувчиси. Юз фоиз ҳаммамиз бу билан касалланганмиз. Энг ёмони, бунга ҳозир нафақат интиляпмиз, балки ўзимизни "диққат маркази"нинг чўққисидамиз, деб ўйлаб қолганмиз. Шу сабаб, "энг тўғри фикрни мен айтаман" деган даъводамиз.

Даволанишимиз даркор...

@MubashshirAhmad
Махтумқули

Кўринг

Ҳар йигитнинг аслин билай десангиз,
Маъракада ўтириб-туришин кўринг.
Биров билан ошно бўлай десангиз,
Аввал ўз сўзида туришин кўринг.

Узоқ-яқин йўлга борар бўлсангиз,
Мардлик киличини солар бўлсангиз,
Бир бедовни сайлаб олар бўлсангиз,
Сийнасин, сағрисин керишин кўринг.

Бир пул тушса бир ифлоснинг қўлига,
Кўксин очиб, кезар қишнинг елига,
Харидор бўлсангиз қизга, келинга,
Адабин, икромин, ўтиришин кўринг.

Мард йигитнинг от-яроғи шай бўлса,
Етишар ҳар ерда ҳайда-ҳай бўлса,
Ўзи Ҳотам бўлиб, яна бой бўлса,
Чор атрофдан меҳмон келишин кўринг.

Бир нечани қилдинг моли бисёри,
Бир нечани қилдинг бир пулнинг зори,
Яхши-ёмон – одам зотининг бори
Навбат билан ўтиб боришин кўринг.

Тангри безор, билинг, закотсиз бойдан,
Сиз ҳам қочинг зинҳор ул келар жойдан,
Мардга бир иш тушса, кўрар Худойдан,
Номарднинг ҳамроҳдан кўришин кўринг.

Номард юрар мудом ўлимдан қочиб,
Уйига келганда заҳрини сочиб,
Мард йигит меҳмонга қучоғин очиб,
Номарднинг меҳмондан қочишин кўринг.

Золимлар унутар зикри Оллоҳни,
Арзон олиб, қиммат сотар ғаллони;
Судхўр ноинсофлар ҳалол тиллони
Ҳаром фойдасига беришин кўринг.

Мард йигитнинг иши суҳбат – соз бўлар,
Кўнгли қиш бўлмайин, доим ёз бўлар,
Яхшининг кўнглида гина оз бўлар,
Ёмоннинг кунда бир урушин кўринг.

Қадрдон, қардошдан узоқда туриб,
Қадрсиз ёт билан қариндош бўлиб,
Махтумқули, носозларга дуч келиб,
Хўжанинг, сайиднинг юришин кўринг.

Туркман тилидан
Жуманиёз Шарипов
таржимаси


@saviyauz
Forwarded from Rasul Kusherbayev
Рухсат берилган кун бизнинг ўлганимиз бўлади

Демократия йўлида инсон табиатига мос бўлмаган ҳаракатларни қўллаб қувватлашдан бўлак ҳар нарсага чидаш мумкин, деб ўйлайман.

Лекин эркак билан эркакнинг ўзаро эр хотин сифатида турмуш кечириб,  муносабат қилишларини ҳеч қачон қабул қилолмайман. Ва токи тирик эканмиз Ўзбекистонда бундай бемаъни ҳаракатга қонунан рухсат берилмаслигига ишонаман.

Рухсат берилган кун бизнинг ўлганимиз бўлади.

Бир неча кундан бери айрим ҳориж ОАВ ва ижтимоий тармоқларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевга "Ilga Europe" номли бир жинсли жуфтликларни қўллаб қувватловчи (ЛГБТ) ва бошқа бир қатор шундай ташкилотлар Ўзбекистон қонунчилигидан бесоқолбозлик (эркак билан эркакнинг жинсий алоқа қилиши)ни таъқиқловчи нормани чиқариб ташлаш ҳақида мурожаат билан чиққани муҳокама қилинмоқда.

Тўғриси қайси бош билан(агар бўлса албатта) ўйлашаётганини билмадим-у, бироқ мамлакат тараққиёти ва миллат генофонди учун бу қандай фожиа эканлигини таклиф бераётган "бир жинсчи" ташкилотлар англашаётганмикан ўзи. Тўғриси буни тасаввур қилишнинг ўзи дахшат.

Одамлар учун фойдаси тегадиган, келажак авлод фаровонлиги учун хизмат қиладиган таклифлар тиқилиб ётганда буларнинг сўраётган нарсаси ҳеч бир қолипга сиғмайдиган иш.

Агар бу инсон ҳуқуқларига зид, дейишса тупурдим бундай ҳуқуқига.

Миллат, халққа дўст одам, якуни авлодларнинг жисмонан йўқ бўлиши билан тугайдиган бундай мантиқсиз, аксилтабиий таклиф билан чиқмайди. Демак уларнинг бизга асли ким экани ва мақсади нима эканлигини тушуниб олаверинг.

Яшасин эркаклар эркаклигича, аёллар аёллигича қоладиган жамият!

👉 @deputat_kusherbayev
Forwarded from Orif Tolib
Уйғур таомлари ва хитойча сўзлар

Тиллар доим ўзаро алоқада ва таъсирда бўлади. Бир тилга ундан анча узоқ бўлган, бошқа оилага мансуб тилдан ҳам сўзлар кириши мумкин.

Бундан ўн-ўн икки йиллар олдин У. Турсунов, Б. Ўринбоев ва А. Алиев муаллифлигидаги “Ўзбек адабий тили тарихи” китобини ўқиб, ўзим учун анча ҳайратланарли янгиликлар билан танишган эдим. Жумладан, ўзбекчада аслан хитойча сўзлар борлиги мен учун анча кутилмаган маълумот эди.

Хитойча сўзлар уйғур тили орқали ўзлашган. Уларнинг ичида таом номлари кўпчиликни ташкил қилади. Масалан:

Лағмон хамирни чўзиб ёки узун ингичкароқ кесиб тайёрланган, юзига қайла солиб ейиладиган хамир овқат тури. Уйғур тилида лэнмэн деб талаффуз қилинувчи бу таом номи хитойча лянмянь сўзидан: лян – совуқ, мян – угра, хамир.

Манти – хамир орасига гўшт ёки қовоқ, баъзан картошка солиб тугиб, буғда пиширилган овқат. Уйғур тилида манту, манти дейиладиган бу таом номи хитойча мантоу сўзидан.

Манпар – хамири тасмага ўхшатиб кесиб, сўнг узиб, шўрвасига солиб тайёрланадиган хамир овқат тури. Уйғур тилида ҳам манпар деб аталадиган бу таом номининг асли хитойча манпэзэдир.

Шиман – хамири юпқа кесилган лағмон. Бу таом ҳозир унча машҳур эмас. Лекин айрим жойларда пиширилади. Шу сабабли номи ҳам қулоққа кам чалинади. Уйғур тилида шимэн дейиладиган таом хитойча симянь сўзидан: си – юпқа, мян – кесилган хамир, угра.

Эътибор берган бўлсангиз, юқорида саналган барча таомлар хамир овқат саналади ва барчасининг номи таркибида ман – хамир сўзи бор.

Ҳозир миллий ёки уйғур таомлари ресторанларида сай исмли таомлар тайёрлаанди: айримсай, гўштсай, тухумсай, товуқсай ва ҳоказо. Сай сўзининг илдизи хитойча байцай – кўкат, карам сўзига бориб тақалади. Бу сўз ўзбек шеваларида басай шаклида ишлатилиб, овқатга солинадиган кўкат турини англатади.

Сай алоҳида ҳолатда турпдан тайёрланган салатни билдиради. Уйғур тилида эса салат, газак маъноларига эга, сай самса эса кўк сомса демакдир.

@oriftolib
Ўлим баробардир шоҳу гадога

Муҳаммад уммати молсиз бўлмасин,
Молсиз бўлса, туққан қардош ёт бўлар.
Қочар оғанг, ининг, бўлмас хотиринг,
Қувонар душманинг, дўстинг мот бўлар.

Ғариб, оёқяланг – хордир, хашакдир,
Бир маърака бўлса, ўрни пойгакдир.
Ғариблар от минса, оти – эшакдир,
Давлатлилар эшак минса, от бўлар.

Бир тилак тиласанг, ҳожатинг битмас,
Дўстинг ихлос билан марҳамат этмас,
Маъракада айтган сўзинг жой тутмас,
Тингламаслар, қуруқ сўзинг бод бўлар.

Кураш бир обрўйдир, уруш бир дастдир,
Кишини камситган – ўзи нокасдир,
Бир мўминни ғийбат этмоқ абасдир,
Ғийбатчининг қозонгани ўт бўлар.

Махтумқули, шукр айлагил Худога,
Ўлим баробардир шоҳу гадога.
Бесабр қул тез йўлиқар балога,
Сабрли қул бора-бора шод бўлар.

Туркманчадан
Мирзо Кенжабек
таржимаси

@saviyauz
Сен баҳорни соғинмадингми?

Уйғонгувчи боғларни кездим,
Топай дедим қирдан изингни.
Ёноғингдан ранг олган дедим –
Лолазорга бурдим юзимни,
Учратмадим аммо ўзингни,
– Сен баҳорни соғинмадингми?

Узоқларда залворли тоғлар
Хаёлимни келдилар босиб.
Кечди қанча интизор чоғлар,
Васлинг менга бўлмади насиб,
Сенсиз мен ҳам, баҳор ҳам ғариб,
– Сен баҳорни соғинмадингми?

Ўнгирларда сакрайди оҳу,
Наъматакда саъва миттижон.
Қорликлардан сипқарилган сув
Дараларда уради жавлон.
Нигоҳимдан фақат сен пинҳон,
– Сен баҳорни соғинмадингми?

Мана, бугун Наврўзи олам,
Дўстларимга гуллар тутарман.
Қайлардасан, севгили эркам…
Қўлимда гул, сени кутарман,
Умрим бўйи чорлаб ўтарман,
– Сен баҳорни соғинмадингми?


Абдулла Орипов
Апрел

Борлиқ кийиб олган мовий бир либос,
Ел эсар – баҳорнинг пилдироқлари.
Қалбингда уйғотар ажиб эҳтирос,
Апрел осмонининг қалдироқлари.

Ёмғир таралади кўм-кўк адирда,
Узоқ қирда эса ялтирар қуёш.
Бундай нафислик йўқ ҳеч бир атирда,
Руҳингни яйратар ҳаво, тоғу тош.

Қофия йиғишар шеърга – назмга
Жажжи жилғаларнинг шилдироқлари.
Атрофни чақирар яшил базмга
Апрел осмонининг қалдироқлари.

Абдулла Орипов

@saviyauz
2024/07/01 16:09:45
Back to Top
HTML Embed Code: