Telegram Web Link
#савол_бериш

Диний масалада саволингиз борми?

Ўзингизни қийнаган саволларга жавоб олиш учун қулай расмий bot:

👉  @ImomgaSavol_Onqorgon_Bot


P.S. Саволлар ҳозирча фақат матн кўринишида қабул қилинади.

© «Ўнқўрғон» жомеъ масжиди
#эслатма

📌 Эрлар аёлларни имкон қадар шариат аҳкомларини зўр билишларига имкон қилиб беришлари керак. Чунки фарзандлар илк илм ва тарбияни онадан олишади. Чўрининг боласи чўри, қулнинг боласи қул бўлади. Ҳур, илмли, тушунчаси тўғри, ақийдаси мустаҳкам аёлнинг ҳам фарзанди ҳур, ақийдаси соғлом, тушунчаси етук фарзанд бўлади. Валлоҳу аълам!

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
🔸 Ибодат Масалалари 🔸
🧕 АЁЛЛАРНИНГ УЗРЛИ ПАЙТИДА НИКОҲ ЎҚИЛИШИ
#никоҳ

CАВОЛ: Келин ҳайзли вақтда никоҳ ўқилиши мумкинми?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Никоҳ вақтида никоҳланувчилар ёки гувоҳларнинг таҳоратли бўлиши шарт қилинмаган. Аслида никоҳнинг икки рукни бўлиб, биринчиси ижоб-қабул (никоҳланувчиларнинг ушбу никоҳга розиликлари), иккинчиси гувоҳлар (энг камида икки эркак киши, агар икки эркак топилмаган тақдирда энг камида бир эркак ва икки аёл).

Демак, никоҳ мажлисида мазкур рукнлар топилса ва никоҳланаётган аёл ҳайз кўрган бўлса ҳам, ушбу никоҳ тўғри бўлади. Лекин ҳайз тугамагунча эр-хотин жинсий алоқа қилмай туришади. Келин-куёвлар ноқулай ҳолатда қолмаслиги учун тўй ташкилотчилари бу жиҳатларга ҳам эътибор қилишлари тавсия қилинади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати (
Fatvo.uz).

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
🔸 Ибодат Масалалари 🔸
ЎЗИНИ ЎЛДИРГАН КИШИГА ЖАНОЗА ЎҚИШ
#жаноза

CАВОЛ: Ассалому алайкум! Мен "Аҳли сунна вал жамоат ақоиди" китобининг 17-бетида, 5-масалада "Ҳар қандай киши жаноза ўқиш лозим" деган бобда "Ўз жонига қасд қилган кишига ҳам жаноза ўқиш жоиз. Фақат имом, қози, муфтий ва машхур кишилар жаноза ўқимайдилар. Оддий кишилар ўқиши керак, ўқимаса гуноҳкор бўлишади" деб ўқидим. Шу вақтгача ўз жонига қасд қилган кишига жаноза ўқилмайди деб билардик. Илтимос шу мавзуга ойдинлик киритиб берсангизлар.


💬 ЖАВОБ: Ва алайкум ассалом! Ўз жонига қасд қилган киши гуноҳи кабира қилган ҳисобланади. Шундай бўлсада у мусулмон ҳисобланиб, шариат унга жаноза намози ўқишга рухсат берган. Имом, қози, муфтий каби муқтадо кишилар жаноза ўқимасаларда, авом халқ жаноза ўқишлари зарур. Жанозасиз дафн қилишлари жоиз эмас. “Дуррул Мухтор” китобида “Ким ўз жонига қасд қилса, ғусл қилдирилиб унга жаноза ўқилади” дейилган ва шунга фатво берилган. Валлоҳу аълам.

(https://savollar.islom.uz/s/25665)

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
🔸
Ибодат Масалалари 🔸
ЖАНОЗА НАМОЗИНИ ТАҲОРАТСИЗ ЎҚИСА БЎЛАДИМИ?
#жаноза

CАВОЛ: Баъзилар жаноза намозини таҳоратсиз ўқиса ҳам жоиз, дейишади. Шу гап тўғрими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Жаноза намозини таҳоратсиз ўқиб бўлмайди. Чунки, жаноза намозини ўқувчининг бадани, кийими ва жойи таҳоратсизлик ва нажосатдан пок бўлиши шарт. Жаноза намозига улгуриш учун вақт жуда кам бўлганида таяммум қилиб жаноза намозига қўшилиш мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати (Fatvo uz)
.

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
🔸 Ибодат Масалалари 🔸
ҚАБРИСТОН ЗИЁРАТИ ҚАЙСИ КУНЛАРДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ?
#қабристон

CАВОЛ: Баъзилар жума куни қабристонга бориш хайрли дейишади. Яна баъзилар эса қабристонга айнан жума куни бориб бўлмаслигини такидлашган. Умуман олганда қайси кунлар қабристонга бориш мумкин эмас?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Шариатимизда қабрларни зиёрат қилишга тарғиб қилинган бўлиб, ундан қайтарилган вақт ёки кун йўқ. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида шундай деб марҳамат қилганлар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي اللَّهُ عنهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : " زُورُوا الْقُبُورَ فَإِنَّهَا تُذَكِّرُكُمُ الْآخِرَةَ" (رواه الامام ابن ماجة)

📗 “Қабрларни зиёрат қилинглар, чунки у охиратни эслатади”
(✍️ Имом Ибн Можа ривояти).

Демак, динимизда қабрларни зиёрат қилишга тарғиб этилишидан кўзланган мақсад, дўнёнинг ўткинчилиги, ўлим ва охиратнинг ҳақ эканлигини эслатиш, бир кун келиб зиёрат қилаётган киши ҳам шу манзилгоҳдан ўз жойини олиши ва қилмишларига яраша муносабат кўришини эслатишдир.

Шунингдек, ота-онаси ёки улардан бири вафот этган киши жума куни қабрларини зиёрат қилиши ҳам мустаҳаб амаллиги таъкидланган. Бунга қуйидаги ҳадис ҳам далолат қилади:
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
📗 Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ҳар жума кунлари ота-онасининг ёки улардан бирининг қабрини зиёрат қилса, гуноҳлари кечирилади ҳамда “Ота-онасининг розилигини топган”, деб ёзиб қўйилади”, деганлар
(✍️ Имом Табароний ривояти).
Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати (Fatvo uz)
.

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
🔸 Ибодат Масалалари 🔸
ЭҲСОН ҚИЛИШ ЖОИЗМИ
#қарз

CАВОЛ: Ассалому алайкум! 9 ой олдин автомобил сотиб олганмиз, пулимиз камлик қилиб ўша машинага отамнинг ва менинг номимга 2 та фоизлик кредит олганмиз, отамнинг номидаги кредит бир қариндошимизга олиб берганмиз. Аллоҳга шукр фарзандлик бўлдим, ўзимга олган кредитни узиб эхсон қилсак жоизми? Ёки узмасдан қилсак хам мумкинми?

💬 ЖАВОБ: Ва алайкум ассалом! Қарзи бор одам нафл эҳсон садақа қилиши жоиз эмас. Кредит бу шариат ҳаром қилган амал ундан тезда покланиб қутилинг акс ҳолда ҳаётингизга зарари катта бўлади ва охиратда аламли азобга учрайсиз. Валлоҳу аълам!

(https://savollar.islom.uz/s/192206)

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
🔸
Ибодат Масалалари 🔸
ТАҲОРАТ ОЛИШ ҲАҚИДА
#таҳорат

CАВОЛ: Ассалому алайкум! Оғиз қўйиб ичилган сувдан таҳорат олса бўладими? Кeйин ранги ўзгарган сувданчи? Жавоб учун олдиндан раҳмат.


💬 ЖАВОБ: Ва алайкум ассалом! Бўлади.

ТАҲОРАТГА ЯРАМАЙДИГАН СУВЛАР

Дарахт ёки мевадан сиқиб чиқарилган ва қурбатга ёки бетаҳоратликни кетказиш учун ишлатилган сув ила таҳорат қилинмайди.
Демак, уч хил сув билан таҳорат ва ғусл қилиб бўлмайди.
📌 1. Дарахт (ўсимликлар) ёки мевадан сиқиб чиқарилган сув.
Дарахт, турли ўсимликлар, мевалар, полиз махсулотла-ридан сиқиб чиқарилган сувнинг тўлақонли сув эмаслиги ҳаммага маълум. Мусаннифнинг «сиқиб чиқарилган» сўзидан сиқиб эмас, масалан, кесиб қўйилганда оқиб чиққан сувлар мустаснодир.
📌 2. Қурбат учун ишлатилган сув.
Бунда таҳорати бўла туриб, савоб учун яна таҳорат қилиш кўзда тутилган.
📌 3. Бетаҳоратликни кетказиш учун ишлатилган сув.
Яъни таҳорат ва ғуслга ишлатилган сув. (📚 "Кифоя" китобидан). Валлоҳу аълам!

(https://savollar.islom.uz/s/34287)

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
🔸
Ибодат Масалалари 🔸
УЧ ТАЛОҚДАН КЕЙИН ЯНА НИКОҲ ЎҚИТСАК БЎЛАДИМИ?
#оила

CАВОЛ: 3 йил аввал эрим билан уришиб қолдик ва ажрашдик. Aёл киши талоқсиз кўчада юриб бўлмайди дегани учун эримдан талоқ сўрадим ва у менга аввалига талоқ бермади ва 1 ойдан кейин алиментга бермоқчи эдим жахл устида "санга талоқ керак эди-а, талоқ санга" деди. Ман "бўлдими умуман яшаш ниятиз йўқми?" десам, "йўқ" деди. "Унда бошимни буткул очиқ қилинг, манга уч талоқ қўйинг" дедим. У "уч талоқ санга" деди. 6 ойдан кейин "яна яшайман" деб келди ва биз яна бирга яшадик. Никоҳ ўқитайлик десам, "ман хоҳлаб айтмаганман, сан мани мажбур қилгансан, санга талоқ қўймаганман" деди. Саволим қуйидагича: Уч талоқдан кейин яна никоҳ ўқитсак бўладими? Aллоҳга сидқидилдан тавба қилсам бир-биримизга ҳалол бўламизми?


💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Мурожаатингизда кўпчиликка муҳим бўлган бир неча масалалар кўтарилган.

1. Аёл киши бесабаб талоқ сўраши ҳаром қилинган. Бу борада Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам):
📗 “Бирон сабабсиз эридан талоғини сўраган аёлга жаннатнинг ҳиди (ҳам) ҳаром бўлади”, деганлар ( Имом Абу Довуд ривояти).

2. Кейинчалик, яъни 1 ойдан кейин алиментга бергансиз. Бу ерда эрингиз хатога йўл қўйган. Чунки фарзанд ва аёл нафақаси эрнинг зиммасида. Эр ўзининг шаръий вазифасини бажармаётгани учун сиз фарзандингиз нафақаси (алимент)ни қонуний олиш учун мурожаат қилгансиз.

3. Эр талоқ берди. Бу унинг хатоси. Чунки зиммасидаги вазифасини ўзи бажармагани учун қонун орқали талаб қилинганда, талоқ беряпти. Устига–устак сиз ҳам хато қилиб эрингиздан талоқни 3 та қилиб беришни сўрагансиз. Аввал қилинган ўша бир талоқ билан ҳам сизлар  бутунлай ажрашиб кетишларингиз мумкин эди. Бу хатога жуда кўпчилик йўл қўймоқда. Аслида динимизда ажрашиш учун 1 талоқ кифоя қилади. Чунки мана шу ҳолда эр хотин яна бирга яшамаса, идда тугагандан кейин бошқасига турмушга чиқиб кетиши мумкин бўлади. Агар қачондир қилган ишига пушаймон бўлинса, муаммосиз никоҳни янгилаш ҳам жоиз бўлар эди. Сиз талоқ сўраб ўзингизни ҳам, эрингизни ҳам гуноҳкор қилгансиз.

Дарҳақиқат тавбани ҳар иккингиз ҳам қиласиз. Лекин шариатда сизларни қайта никоҳлашга йўл топилмайди. Битта йўли бор, у ҳам бўлса, уч талоқ қилинган аёл маълум шартларга кўра бошқа эрга тегиб чиқиши керак. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати (Fatvo uz)
.

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
🔸 Ибодат Масалалари 🔸
Media is too big
VIEW IN TELEGRAM
#тажвид

"Фотиҳа" сурасининг ўқилишидаги хатолар ва маъноларнинг ўзгариб кетиши.


Шайх Алижон қори

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
🔸 Ибодат Масалалари 🔸
ТАҲОРАТДА АЪЗОЛАРНИ УЧ МАРТАДАН ОРТИҚ ЮВИШ
#таҳорат

CАВОЛ: Таҳорат қилаётганда аъзоларни уч мартадан ортиқ ювиш мумкин эмас, деб эшитдим. Уч мартадан кўпроқ ювиш мумкин эмасми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Таҳоратда ювиладиган аъзоларни уч марта ювиш суннат ҳисобланади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ عَنْ أَبِيهِ عَنْ جَدِّهِ أَنَّ رَجُلاً أَتَى النَّبِىَّ -صلى الله عليه وسلم- فَقَالَ يَا رَسُولَ اللَّهِ كَيْفَ الطُّهُورُ فَدَعَا بِمَاءٍ فِى إِنَاءٍ فَغَسَلَ كَفَّيْهِ ثَلاَثًا ثُمَّ غَسَلَ وَجْهَهُ ثَلاَثًا ثُمَّ غَسَلَ ذِرَاعَيْهِ ثَلاَثًا ثُمَّ مَسَحَ بِرَأْسِهِ فَأَدْخَلَ إِصْبَعَيْهِ السَّبَّاحَتَيْنِ فِى أُذُنَيْهِ وَمَسَحَ بِإِبْهَامَيْهِ عَلَى ظَاهِرِ أُذُنَيْهِ وَبِالسَّبَّاحَتَيْنِ بَاطِنَ أُذُنَيْهِ ثُمَّ غَسَلَ رِجْلَيْهِ ثَلاَثًا ثَلاَثًا ثُمَّ قَالَ « هَكَذَا الْوُضُوءُ فَمَنْ زَادَ عَلَى هَذَا أَوْ نَقَصَ فَقَدْ أَسَاءَ وَظَلَمَ ». أَوْ « ظَلَمَ وَأَسَاءَ ».

Амр ибн Шуайб отасидан, у киши ҳам отасидан ривоят қилади: “Бир киши Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ёнига келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Таҳорат қандай қилинади?” деб сўради. Бир идишда таҳорат суви олиб келишни буюрдилар, кейин кафтларини, юзларини, билакларини уч марта ювдилар. Бошларини масҳ қилдилар, кўрсатгич бармоқларини қулоқ ичига тиқиб, бош бармоқлари билан қулоқ орқаси, кўрсатгич бармоқлари билан қулоқ ичини масҳ қилдилар. Сўнгра оёқларини уч мартадан ювдилар. Кейин: “Таҳорат шундай бўлади, ким бунга зиёда қилса ёки камайтирса, ёмон иш ва ўзига зулм қилибди” ёки “зулм ва ёмон иш қилибди”, дедилар”.

📌 Уламолар мазкур маънодаги ҳадисларни далил қилиб, таҳоратда ювиладиган аъзоларни уч мартадан ювишни суннат дейишган.

Саволда айтилгандек аъзоларни уч мартадан кўп ювиш икки хил мақсадда бўлиши мумкин. Биринчиси, уч марта ювиш суннат, деб эътиқод қилмайди. Шунинг учун уч мартадан кўп ювади. Бу хато ҳисобланади ва ҳадисдаги зулм қилибди, дейилган қайтариққа тушиб қолади.

Иккинчиси, уч марта ювиш суннат эканини билади ва шунга эътиқод қилади. Аммо бирор сабаб туфайли кам ёки кўп ювса, ҳадисдаги ваъидга тушмайди. Бу ҳақида Аллома Ибн Обидийн раҳимаҳуллоҳ бундай деган:

وتثليث الغسل ولو اكتفى بمرة إن اعتاده أثم، وإلا لا، ولو زاد لطمأنينة القلب أو لقصد الوضوء على الوضوء لا بأس به وينبغي أن يقيد هذا بغير الموسوس أما هو فيلزمه قطع مادة الوسواس عنه وعدم التفاته إلى التشكيك

“(Таҳоратдаги суннатлардан бири) ювиладиган аъзоларни уч мартадан ювишдир. Агар доим бир мартадан ювишни одат қилиб олса, гуноҳкор бўлади. Агар одат қилмай, баъзида шундай қилса, гуноҳ бўлмайди. Агар қалб хотиржамлиги учун ёки таҳорат устига таҳорат олиш мақсадида зиёда қилса, зарари йўқ. Қалбни хотиржам қилиш каби сабаблар туфайли учтадан кўп қилиш васвасага учрамаган киши учундир. Васвасага учраган киши учтадан кўп ювмайди. У шайтон васвасасини узиш учун учта билан кифояланади. Қалбидаги шубҳага аҳамият бермайди”. (📚 “Раддул муҳтор” китоби) Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати (Fatvo uz)
.

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
🔸 Ибодат Масалалари 🔸
ХОТИННИ ОНАДАН УСТУН ҚЎЙИШ
#оила

CАВОЛ: Хотинни онадан устун қўйиш ҳақида динимизда нима дейилган?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Динимизда уларни бир-биридан устун қўйиш керак, деган гап йўқ. Бирининг ҳаққи деб иккинчисининг ҳаққини поймол қилинмайди. Чунки фарзанднинг она олдидаги бурчлари бор. Уларни жойига қўйишга у мажбур. Ҳадиси шарифда эркак кишида энг ҳақи кўп бўлган шахс онаси экани айтилади (Отанинг ҳам ҳаққи бундан кам эмас. Лекин ҳадиси шарифда меҳрибонлик кўрсатишга кўпроқ она ҳақли эканига урғу берилган).

Эр сифатида хотини олдида ҳам бурчлари бор: уни едириб ичириши, кийинтириши ва уй-жой билан таъминлаши керак.

Агар эркак инсоф билан, шариат ва адолат тарозусини ушласа, бу икки бурчни бажариш бир-бирига тўсиқ бўлмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати (Fatvo uz)
.

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
🔸 Ибодат Масалалари 🔸
🗳 ОПЕН БЮДЖЕТ ВА ОВОЗ БЕРИШ
#жамият

CАВОЛ: Ассалому алайкум! Ҳозир Open Budget га лойиҳа киритиб, энг кўп овозга эга бўлгач, давлат томонидан маблағ ажратилади ва лойиҳа амалга оширилади. Шу ўринда, лойиҳаси ютиб чиқиши учун, овозларни пулга ва пепси-кола эвазига сотиб олиш ва шу нарсалар эвазига адолатсиз овоз бериш динимизда қанчалик қораланган? Ахир, бу лойиҳалардан кўра яхшироқ, пулга ҳақиқатда муҳтож ва фойдалироқ лойиҳалар борки, уларга овоз берилмайди. Овоз, (пул ва шу каъби моддият эвазига эмас) номзодлар ичида энг маъқулига берилади-ку?


💬 ЖАВОБ:
Ва алайкум ассалом! Овозлар ҳаққоний бўлиши лозим. Уларни пул эвазига сотиб олиш йўли билан лойиҳани ғолиб бўлишига эришиш қонун-қоидаларга ҳам, шариат мақсадларига ҳам тўғри келмайди. Овоз берувчи ҳар бир инсон пул учун эмас, айнан ўша лойиҳанинг амалга ошишини жамиятга фойдали деб билгани учунгина овоз бериши керак. Акс ҳолда ҳақни ўз ўрнидан бошқа ерга қўйган бўлади. Бу эса бошқа лойиҳаларга зулм бўлишини тақозо қилади. Валлоҳу аълам!

(https://www.savollar.islom.uz/s/225368)

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
🔸 Ибодат Масалалари 🔸
ТАЛОҚ ҚАНДАЙ БЕРИЛАДИ?
#оила

CАВОЛ: Ислом динида талоқ қандай берилади?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Динимизда талоқ охирги чорадир. Бирга яшашнинг ҳеч иложи қолмаса, хотинини талоқ қилмоқчи бўлган одам хотинига: "Сени бир талоқ қилдим", дейди. Шундан бошлаб аёлнинг иддаси бошланади. Жинсий алоқа ва унга олиб борувчи ишларни тўхтатишади. Идда вақтида эр хотинини уй-жой ва нафақа билан таъминлаб туриши шарт.
Баъзи бировлар билимсизликдан ажралмоқчи бўлганлар уч талоқ қилиши керак, дейди. Аслида, бирваракайига уч талоқ қилиш гуноҳ. Бунинг устига рухсат берилган талоқлар сони учта бўлгани учун, уч талоқ қилгандан кейин қайта ярашиш имкони қолмайди.

Юқоридаги каби бир талоқ қилинганда эса, яна қайта ярашиш имконияти бўлади. Бу ҳам битта-биттадан учинчи марта талоқ қилгунча давом этади. Талоқлар сони учтага етгач, қайта ярашиш имкони бўлмайди. Фақат (маълум шарт-шароитлари билан) хотин бошқа эрга тегиб чиқса, кейин қайта никоҳланиши жоиз. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати (Fatvo uz)
.

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
🔸 Ибодат Масалалари 🔸
НАМОЗ ВАҚТЛАРИ
#намоз

CАВОЛ: Ҳурматли фатво ҳайъати аъзолари намоз вақтлари ҳақида маълумот берсангиз?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. 

📌 Бомдод намози: Бомдод намозининг вақти субҳи содиқдан (тонг отгандан) қуёш чиққунигачадир. Бомдод намозининг вақти киргандан бошлаб қуёш тўлиқ чиққунигача бомдоднинг икки ракат суннатидан бошқа нафл намоз ўқиш макруҳдир. Аммо қазо намоз ўқиса бўлади. Бомдод намозини ўқиш пайтида қуёш чиқиб қолса, бомдод намози бузилади ва қуёш тўлиқ чиққандан кейин қазоси ўқилади. Бугунги бомдоднинг фарзи суннати билан қазо бўлса ва  қазосини заволгача ўқиса, суннати билан бирга қазоси ўқилади. Заволгача ўқилмаса, фарзини ўзи қазо қилинади. Бомдодни суннатига улгурмай, фарзини жамоат билан ўқиган киши фарздан кейин суннатни ўқимайди.

📌 Пешин намози: Пешиннинг вақти қуёш қиёмдан оғганидан ҳар бир нарсанинг сояси қиёмдаги соядан ташқари ўзининг узунлигидан икки баробар бўлгуничадир. Қуёш қиёмдан оғгандан бошлаб пешин намозининг вақти кирган бўлади. Қиёмдаги соядан ташқари ҳар бир нарсанинг сояси ўзининг бўйига икки баробар келгунича пешин вақти ҳисобланади.

📌 Аср намози: Асрнинг вақти ҳар бир нарсанинг сояси қиёмдаги соядан ташқари ўзининг узунлигидан икки баробар бўлганидан бошлаб қуёш ботгуничадир. Аср намози адо қилинганидан кейин шом намози ўқилгунигача нафл намоз ўқиш макруҳ ҳисобланади. Аммо қазо намоз ўқиса бўлади. Асрга айтилган азондан кейин такбир айтилгунигача, бемалол нафл намоз ўқиса бўлади. Аср намозини қуёшни нури кўзни қамаштирмайдиган даражада кечиктириб ўқиш макруҳдир. Киши бугунги аср намозини ўқиш пайтида қуёш ботиб қолса, охиригача давом эттираверади ва намози бузилмайди.

📌 Шом намози: Шомнинг вақти қуёш ботганидан шафақ йўқолгунича. Шафақ уфқдаги қизилликдир. Шом намозини доимо (йилнинг барча фаслларида) вақти кириши билан ўқиш мустаҳабдир. Демак, шом намозининг вақти қуёш уфққа ботиши билан бошланиб уфуқдаги қизиллик йўқолгунигача давом этади.

📌 Хуфтон намози: Хуфтоннинг вақти шомнинг вақти тугагандан бошлаб тонггачадир. Витрнинг вақти хуфтон ўқилгандан бошлаб тонггачадир. Хуфтон намозини ярим кечадан кейин ўқиш макруҳдир.

☝️ Қазо бўлган ва нафл намозларни куннинг барча вақтида ўқиса бўлади (юқорида нафлдаги истиснолар айтиб ўтилди). Фақат қуёш чиқиш, қиёмга келиш ва ботиш вақтлари бундан мустасно. Бу уч вақтда ҳеч қандай намоз ўқиб бўлмайди (Манба: “Фатҳу бабил иная” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати (Fatvo uz)
.

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
🔸 Ибодат Масалалари 🔸
ТИШ КАВЛАГАНДА ҚОН ЧИҚСА ТАҲОРАТ СИНАДИМИ?
#таҳорат

CАВОЛ: Тишим ковагини тиш тозалагич билан тозалаганимда унинг учи қон бўлиб чиқади. Лекин туфлаб кўрсам, туфугимда қон ғолиб келмайди. Шундай ҳолатда таҳорат синадими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Йўқ, бу ҳолатда таҳорат синмайди. Бу борада “Жавҳаратун-наййира” китобида шундай дейилади:

"وَلَوْ عَضَّ شَيْئًا فَوَجَدَ فِيهِ أَثَرَ الدَّمِ أَوْ اسْتَاكَ فَوَجَدَ فِي السِّوَاكِ أَثَرَ الدَّمِ لَا يُنْقَضُ مَا لَمْ يَتَحَقَّقْ السَّيَلَانُ وَلَوْ تَخَلَّلَ بِعُودٍ فَخَرَجَ الدَّمُ عَلَى الْعُودِ لَا يُنْقَضُ إلَّا أَنْ يَسِيلَ بَعْدَ ذَلِكَ بِحَيْثُ يَغْلِبُ عَلَى الرِّيقِ"

яъни: "Агар бирор нарсани тишласа ва ўша нарсада қон асарини кўрса ёки мисвок ишлатса ва мисвокда қон асарини кўрса, модомики, қон оқиши рўй бермаса, таҳорати синмайди. Шунингдек, тишини бирор нарса билан хилол қилса, яъни ораларини тозаласа ва ана шу кавлаган чўпига қон чиқса, таҳорати синмайди. Магар, кавлаганидан кейин қон оқиб, туфугидан ғолиб келса, шундагина таҳорати синади"” (📚 "Жавҳаратун-наййира" китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати (Fatvo uz)
.

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
🔸 Ибодат Масалалари 🔸
НАМОЗДА ТАҲОРАТ КЕТСА
#намоз

САВОЛ: Ассалому алайкум! Намоз ўқилган пайтда таҳорат кетса нима қилиш керак?


💬 ЖАВОБ: Ва алайкум ассалом! Индамай бориб, янги таҳорат олиб, намозни келган жойдан давом эттириш керак. Қайтадан бошлаш афзал. Валлоҳу аълам!

(https://savollar.islom.uz/s/38689)

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
🔸 Ибодат Масалалари 🔸
📱 ТЕЛЕФОНДА ҚУРЪОН ЎҚИГАНДА ТАҲОРАТ БЎЛИШИ КЕРАКМИ?
#Қуръон #таҳорат

CАВОЛ: Телефонимда Қуръон ўқисам ҳам таҳоратли бўлишим керакми?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Қуръони каримни таҳоратли ҳолда ушлаш вожиб амал саналади. Қуръонни ёддан ўқишда ёки китобни ушламасдан, унга қараб ўқишда таҳорат бўлиши афзал бўлса-да, таҳоратсиз ҳам ўқишга рухсат берилган.

Замонамиз уламолари телефон каби электрон жиҳозларда Қуръони карим иловалари очиқ ҳолда турганда ўша жиҳоз Қуръон ҳукмида бўлиши борасида турли фикр билдирганлар. "Миср фатво уйи" уламолари томонидан электрон жиҳоз орқали Қуръон оятларини ушлаш жоиз деб фатво берилган.

Иордания фатво ҳайъати уламолари, Шайх доктор Луай ал-Халилий ва бошқа бир қатор уламолар эса, телефонда Қуръон иловаси очиқлик пайтида, у ҳам Қуръон ҳукмида бўлиши, шундан келиб чиқиб, ўша ҳолатда уни таҳоратсиз ушлаб бўлмаслигини айтмоқдалар.

📌 Қуръони каримнинг ҳурматини сақлаш учун электрон жиҳоз экранида Қуръон иловаси очиқ ҳолда чиқиб турган бўлса, саҳифаларни ўтказишда бетаҳорат қўл билан ушламаган маъқул. Аммо, телефоннинг махсус қалами ёки бирор восита ёрдамида таҳоратсиз саҳифаларни ўтказиш мумкин.

📗 Чунки “Табйинул-ҳақоиқ” китобида қуйидагича келтирилган:

يجوز للمحدث الذي يقراء في المصحف تقليب الاوراق بقلم او سكين

яъни: "Таҳоратсиз Қуръон ўқиётган киши вароқларни қалам ёки пичоқ ёрдамида очиши мумкин". (1-жуз, 166-бет). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати (
Fatvo.uz).

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
🔸 Ибодат Масалалари 🔸
ҚУРЪОНИ КАРИМНИ ХАТМ ҚИЛИШ
#Қуръон

CАВОЛ: Мен Қуръони каримдан уч пора ўқиганман. Хозир хатм қилсам бўладими?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Қуръони каримни битта ҳарфини ўрганиш катта бахт. Аллоҳ сизга Ўзиниг каломидан уч пора ўқишни насиб қилибди, бу катта неъмат. Агар бехато хатм қилишга кўзингиз етса, хатм қилганингиз энг савобли амал бўлади. Агар ўқишда хато қилишингиз эҳтимоли катта бўлса аввал ўқиган жойларингизни такрорлаб яна зиёда қилишга ҳаракат қилинг. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати (Fatvo uz).

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
🔸 Ибодат Масалалари 🔸
НОМАҲРАМЛАР ҚЎЛ БЕРИБ КЎРИШИШИ МУМКИНМИ?
#зино

CАВОЛ: Номаҳрам аёл ва эркак қўл бериб кўришиши мумкинми? Шундай қилса нима бўлади?

💬 ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Номаҳрам эркак ва аёлнинг қўл бериб кўришиши мумкин эмас, қўл бериб кўришиш қўл зиноси бўлади.

عَنِ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه، عَنِ النَّبِيِّ صلي الله عليه و سلم قَالَ: إِنَّ اللهَ كَتَبَ عَلَى ابْنِ آدَمَ حَظَّهُ مِنَ الزِّنَا أَدْرَكَ ذَلِكَ لَا مَحَالَةَ، فَزِنَا الْعَيْنَيْنِ النَّظَرُ، وَزِنَا اللِّسَانِ الْمَنْطِقُ. زَادَ فِي رِوَايَةٍ: وَزِنَا الْيَدَيْنِ الْبَطْشُ، وَزِنَا الرِّجْلَيْنِ الْمَشْيُ، وَزِنَا الْأُذُنِ الْاِسْتِمَاعُ، وَزِنَا الْفَمِ الْقُبَلُ، وَالنَّفْسُ تَمَنَّى وَتَشْتَهِي وَالْفَرْجُ يُصَدِّقُ ذَلِكَ وَيُكَذِّبُهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالشَّيْخَانِ. وَاللهُ أَعْلَى وَأَعْلَمُ

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

📗 "Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта, Аллоҳ Одам боласига унинг зинодан бўлган насибасини ёзгандир. Уни олмаслиги амри маҳолдир. Бас, икки кўзнинг зиноси назардир. Тилнинг зиноси нутқдир", дедилар".

Бошқа бир ривоятда: "Икки қўлнинг зиноси ушлаш, икки оёқнинг зиноси юриб бориш, қулоқнинг зиноси эшитиш, оғизнинг зиноси ўпишдир. Нафс уни орзу ва иштаҳа қилур. Фарж эса уни тасдиқлар ёки ёлғонга чиқарур", зиёда қилинган.

Имом Абу Довуд ривоят қилганлар.

Аллоҳ олий ва билгувчироқдир.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати (Fatvo uz).

•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
🔸 Ибодат Масалалари 🔸
2024/11/17 12:17:37
Back to Top
HTML Embed Code: