Telegram Web Link
#ТАВАЛЛУД

14 март —  Нодир Жонузоқ таваллуд топган кун.

Таваллуд кунингиз муносабати билан, чин кўнгилдан қутлайман, узоқ умр, сиҳат-саломатлик, бахт саодат сизга йўлдош бўлсин.

Ҳурмат билан
© Абдувоҳид Сувонов
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
ЎЙИН

Бу қиз билан ҳар куни
Ўйнардик бекинмачоқ.
Дарров топардим уни
Деворга бекинган чоқ.

Қўл ушлашиб адирга
Чопар эдик ҳаккалаб.
Қайтардик кейин бирга,
Қўймас эдим яккалаб.

Ишонмасдан, кўзимни
Кафти билан ёпарди.
Бекинарди. Мен уни
Осонгина топардим.

Капалакдай беқарор,
Оҳудай эди қочоқ.
Кейин билсам, аслида
Бу дунё — бекинмачоқ.

Бир кун огоҳ қилмасдан
Бир бурчакка чекинди.
Ўзи билиб-билмасдан
Чимилдиққа бекинди.

Овоз бердим: «Бўлди, чиқ,
Қанисан?..» — тинглар эди.
Лекин негадир пиқ-пиқ
Чиқмасдан йиғлар эди.

Кирай десам ёнига,
Тўсиқ бўлди янгалар.
Игна санчиб жонимга,
Дил дардимни янгилар.

Ташқаридан сўз қотдим:
«Ҳаммаси ўйин эди,
Кўз юмдиму — йўқотдим,
Буёғи тўйинг энди…»

Шундан бери ҳар куни
Ярамга тегинаман.
Узоқдан кўриб уни,
Шу заҳот бекинаман.

Эргашолмас изимдан,
Ортимдан чополмайди.
Кўриб турару зимдан,
Ҳеч қачон тополмайди…

© Нодир Жонузоқ
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
Яқинроқ борганим сари, қанчалик олисда эканлигимни кўпроқ тушуняпман…

© Жалолиддин Румий
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
Муҳаммад Юсуф тилидан
(Битилмаган сўнгги шеър)

ВИДО

Ризқим узилганга ўхшайди, чоғи,
Излама, ҳеч қандай ташҳису, малҳам.
Тобора авжланар дарднинг ўчоғи,
Етолмасам керак Тошкентгача ҳам.

Тек қўй, кузатмагин, вужудим оғрир,
Элликқалъа деган юртда не гуноҳ
Ватаннинг шарқида туғилиб, охир,
Ғарбида ўлмоқни битибди, Аллоҳ!

Иғво тарқатманглар маза-бемаза,
Мабодо, юз берса бирор бир кор-ҳол.
Тошкентда очмасин, ҳеч қандай аза,
Сим қоққин, Абдулла Орифга дарҳол!

Тўхта, айтиб қолай, жон пишмасидан,
Ҳаммаси жойида: сейф, стол, палос...
Фақат Ёзувчилар уюшмасидан,
Бир варақ ариза қарзим бор, холос.

Айтганча, столим чап тортмасида,
Бир шоир йигитнинг қўлёзмаси бор.
Адашмасам, эди юртга қасида,
Шуни нашриётга-тақризга юбор.

Оғзим қурияпти, сув бер, бир қултум,
"Руҳ ўзин улфати жондан туймоқда".
Оҳ, ота бўлиб мен, нима ҳам кўрдим,
Юрагим куймоқда, ичим куймоқда!

Тўрт боламдан бирин менда кўнгли йўқ,
Нима қилай ахир, Худойим айтсин.
Назира ўгаймас, унинг ўғли йўқ,
Бобурга айтинглар, Дархонга қайтсин!

Шоирнинг шеърлари-тақдири, дерди,
Рости ишонмасдим, босмасди титроқ.
Наҳот, Роббим менга шундай дард берди,
Тақдирим бўлдими "Лолақизғолдоқ"!?

Жонсиз жигаримга ботмоқда тикан,
Қорайтириб борар юзларимни ғам.
Аслида, шеърларим пешонам экан,
Тўйин кўролмадим қизларимни ҳам.

Ўлсам, уч қизимга бўлади оғир,
Эҳтимол, улар ҳам қилишар тоқат.
Йиғлашиб, йиғлашиб кўнади охир,
Онамни кўндириб бўлмайди фақат!

Кор қилмайди унга ҳеч ҳимматингиз,
Ўзин адо қилар, жонини ея
Айтинг секингина-Муҳаммадингиз,
Кетди Муҳаммаднинг ёнига-дея.

Соат неччи бўлди, қош қорайдими,
Жонга тегди дерсан, шу шоири ҳам.
"Менга ҳаво етмас...", жон торайдими,
Бунча ҳаяллади, Азроили ҳам.

Келишин кутамиз энди начора,
Бир шоир жонида интиқоми бор.
Айтганча, уч кундан кейин, бечора,
Нозима қизимнинг имтиҳони бор.

Эҳ, нима бўлар-а, ректорга боргин,
Бир илтимос қилгин, учраб ўзига.
Тегса, тегибдида, ёрдами ахир,
Муҳаммад Юсуфнинг битта қизига.

Ана келаётир, ажал пишқириб,
Узмоқ бўлар ризқу-саодатимни.
Қайси бир сўзимда олар...ишқилиб,
Айтишга улгурай Шаҳодатимни.

Оҳ, нима дейсан-а, Назирамга айт,
Шўрликни ёз қолиб, қиши тушмасин.
Яна тилга чиқар, ўзим битган байт:
"Номард одамларга иши тушмасин!"

Унга шон керакмас, унвон керакмас,
Етади хилқату-хаёли деган.
Унвон бериб кетай мен унга, абас,
Муҳаммад Юсуфнинг аёли деган!

Ичим ачияпти Адабиётга,
Арзирли бўлмади, ўгитларим ҳам.
Сўзини муҳрлаб абадиятга,
Одам бўлармикан шогирдларим ҳам?

Наҳот ўз-ўзимдан кўнглим тўлмаса,
Чала қолди сабоқ, бўлди энди кеч!
Фақат бир ўгитим: дарди бўлмаса,
Шогирдман демасин Муҳаммадга, ҳеч!

Муҳаммаддан иймон, Юсуфдан жамол,
Яшадим, лек шоир жисми билан, мен.
Гуноҳ ҳам қилганим ростдир, эҳтимол,
Икки пайғамбарнинг исми билан, мен!

Ўзи кечиргувчи, истиғфор айтгум,
Дариғ тутма мендан муҳаббатингни.
Ўзингдан яралдим, ўзингга қайтгум,
Ўзинг кечир содда Муҳаммадингни!..

©Ўлмасбек Самарқандий
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
ЭЙ  БИРИНЧИ  ЁР

Ёстиғим бағрида, сочинг толаси,
Юрагим қаърида, қалбинг ноласи.
Кечир мен ҳаётнинг нодон боласи,
Қадрингни билмадим эй биринчи ёр!

Эрмакка айланди сўзларим энди,
Сомондек сарғайди, юзларим энди,
Пинхон кулиб кетди, дўстларим энди,
Мен эса йиғладим эй биринчи ёр!

Тиниб тинчимадим нечун сен билан,
Кенгашиб юрмадим, бағри кенг билан,
Ўлсам ўлардинг-ку ахир мен билан,
Ҳеч вафо қилмадим, эй биринчи ёр!

Адашган бандаман йўлим йўқолган,
Кўнгил гулзорида гулим йўқолган,
Умрим ўтаверар тилим йўқолган,
Минг азоб тингладим эй биринчи ёр!

Ўлсам ох ургувчи бир илҳақ онам,
Ортимдан зорланар, қайда деб болам,
Хижроннинг қаърида тош қотар танам,
Яшашга кўнмадим эй биринчи ёр!

Қадрингни билмадим эй биринчи ёр...

© Мирзо Карим
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
* * *
Ҳукмдорлар учта қимматбаҳо бойликка эгадирлар. Булар ер, фуқаро ва бошқарув ишлари.

© Мен - Цзи
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
Баъзида шундай бўладики, ҳаёт икки инсонни бир-бирларига қанчалик керак эканини англатиш учун ажратиб юборади.

«Алкимёгар»
www.tg-me.com/Adabiyot_olami
#Табрик

Жаннатмакон гўзал диёримизга янгиланиш ва яшариш, эзгулик ва меҳр-оқибат айёми — Наврўзи олам қутлуғ қадамлар ила кириб келди.

Сизни фасллар келинчаги — кўклам қувончи билан қутлаётганимдан беҳад бахтиёрман!

Янги йил хонадонингизга тинчлик, тўкинлик, бахт ва омад, олам-олам севинч олиб келсин!

Наврўз айёмингиз муборак бўлсин!

Ҳурмат билан
© Абдувоҳид Сувонов
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
#ТАВАЛЛУД

Бугун 21-март, Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов таваллуд топган кун.

(21.03.1941-05.11.2016)

КЕЧИР ШЕЪРИМ

Кечир, шеърим, кечиргин мени,
Йиллар ўтиб чарчадим, толдим.
Шундай вақтлар бўлдики, сени
Муҳофаза қилолмай қолдим.

Қудуқ қаздим сув танқис дамлар,
Эришдим ҳам балки ютуққа.
Чўктирдилар лекин одамлар
Ўзим қазган ўша қудуққа.
   
©Абдулла Орипов
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
*   *   *
Аввал юрагингга мўралайди у,
Сўнгра куртакларга ўргатади сўз.
Заминнинг кўзидан қочади уйқу,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз.

Қишнинг аҳволига боқиб ҳойнаҳой,
Юм-юм ёш тўкмоқда эриётган муз.
Жилва қилаётир тенгсиз бир чирой,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз.


© Абдулла Орипов
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
АЙРИЛИҚ

Сиз кетдингиз файзи кетди - боғларимни,
Биров билмас юрак тўла - доғларимни.
Қаҳратонлар зирқиратар, заҳрин сочиб,
Унутмоғим мушкул бахтли - чоғларимни.

Баҳорларим ифорини сочмас бўлди,
Шодлик менга қучоғини очмас бўлди.
Хотиралар азобларин - берган маҳал,
Сукунатдан хаёлларим қочмас бўлди.

На тунимда, на кунимда ҳаловат бор,
Ёлғизликда, сиз-сизликда маломат бор.
Соғинганман тушларимда хабар олинг,
Адо бўлган юрагимда садоқат бор.

Орзуларим фаслларин туман босган,
Ярим жонман, бисотимни ғамлар босган.
Айролиқдан хароб бўлди муҳаббатим,
Бу дунёни ёритолмас шамлар босган.

Кузакларда сарсон бўлган хазондайман,
Ҳайқириқлар янграганда ларзондайман.
Англолмадим қисматимда борми гуноҳ -
Тўрт фаслда, тарқаб кетган тўзондайман.

Дийдорсизлик хижронида кўниб бўлдим,
Чаманзорнинг бўстонида сўлиб бўлдим.
Осмон сари учирдингиз руҳимни ёр,
Армонларнинг қийноғида, ўлиб бўлдим!..

© Абдувоҳид Сувонов
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
ТИЛЛА БАЛИҚЧА...

Тухумдан чиқди-ю, келтириб уни
Шу лойқа ҳовузча томон отдилар.
Ташландиқ ушоқ еб ўтади куни,
Хору хас, хазонлар устин ёптилар.

Дунёда кўргани шу тор ҳовузча
Ва мудроқ толларнинг аччиқ хазони.
Менга алам қилар, тилла балиқча
Бир кўлмак ҳовуз деб билар дунёни…

©Абдулла Орипов
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
Мен Ватанимни танқид қилишим, камситишим ва унга озор беришим мумкин, лекин ҳеч қачон уни алдамайман.

© Петр Яковлевич Чаадаев
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
ҚИШЛОҚНИНГ БАҲОРИ

Қишлоқнинг баҳори - энг гўзал баҳор,
Шаҳарга ортиқча интилма, бола.
Шаҳарда варраклар эркин учмайди,
Шаҳарнинг осмони симларга тўла.

Қишлоқда куйласанг, жўшиб куйлайсан,
Тунларни, тонгларни куйларга ула.
Шаҳарда отилиб чиқишинг қийин,
Шаҳарнинг саҳнаси юлдузга тўла.

Қишлоқнинг ҳар куни сайл, кўпкари,
Бўлақол, ор талаш, отга мин, бола.
Шаҳарда қўлингга улоқ тегмайди.
Шаҳар кўчалари темирга тўла.

Қишлоқда танийди ҳамма бир-бирин,
Дилингни, элингни меҳрга бела.
Шаҳарда мендайлар кўпайиб кетган,
Билмайсан, бу шаҳар кимларга тўла.

Қишлоқнинг баҳори - энг гўзал баҳор,
Шаҳарга ортиқча интилма, бола.
Шаҳарда варраклар эркин учмайди,
Шаҳарнинг осмони симларга тўла...

© Беҳзод Ҳамро
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
СЕНДАН ХАВОТИРМАН…

Сендан хавотирман, нилуфар гулим,
Бугун борман, менинг ардоғимдасан.
Эртани ўйласам, бузилар кўнглим,
Бу бузуқ дунёда кимга борасан?
Кимларга нолийсан, кимга йиғлайсан?
Сен ҳам шу аканинг, ғўр сингилчаси,
Нон ҳам ғамламайсан, пул ҳам йиғмайсан.
Сендан хавотирман...

Сендан хавотирман, настарин гулим,
Ифоринг тутганда тонг паллалари.
Мендан умид узсанг, бошпана сўраб
Йўл олар экансан қай кулба сари
Ёки қай бекатда қоларсан тўхтаб?
Сен ҳам шу аканинг, ғўр сингилчаси,
Битта ғишт қўймадинг акангга ўхшаб.
Сендан хавотирман...

Сендан хавотирман, миттичам ялпиз,
Ким силар бошингни, мен бўлмаган кун.
Ҳозир азоб чексанг бирга йиғлаймиз,
Қувонсанг, озгина ичишим мумкин
Ёки алдаш мумкин қисматни ҳатто.
Сен ҳам шу аканинг, ғўр сингилчаси,
Тилана олмайсан ўлгунингча то...
Сендан хавотирман...

Сендан хавотирман, баҳор келмасдан
Шошилиб кўклаган гулим бойчечак.
Эртага не бўлар, буни бимасман,
Ҳар қалай хиёнат қилмасанг керак?!
Ортимга қарасам яшагим келмас,
Сен ҳам шу аканинг, ғўр сингилчаси,
Олдинга ҳам қадам ташлагинг келмас.
Сендан хавотирман...

Сендан хавотирман, ўйловим узун,
Жайдари райҳоним, жоним, жаҳоним.
Энг қолоқ овулда ўсганим учун
Бўлар-бўлмасга ҳам қайнайди қоним.
Сен ҳам кенгликларда улғайдинг, ўсдинг,
Сен ҳам шу аканинг, ғўр сингилчаси,
Бу дунёда йўқдир сенинг ҳам дўстинг.
Сендан хавотирман...

Сендан хавотирман, гулим сумбула,
Меҳр беролмадим, вақтим бўлмади.
На шодлик улашдим давлатим билан,
Саройим бўлмади, тахтим бўлмади.
Раҳнамо бўлмадим элу улусга,
Сен ҳам шу аканинг, ғўр сингилчаси,
Нўноқ туғилгансан ҳавойи сўзга.
Сендан хавотирман.

Бир оғиз сўз билан айтмоқчи эдим,
Сендан хавотирман...
Сенга куяман.
Сен учун ҳар маҳал ноннинг ярмини
Ва қолган умримни сақлаб қўяман.
Ёлғиз яшамоқни этгандим одат,
Сен ҳам шу аканинг, ғўр сингилчаси,
Ҳаёт йўлинг танҳоликдан иборат.
Сендан хавотирман...

© Бек Али
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
ЁШЛИК ГЎЗАЛ...

Ёшликдаги хаёлим гўзал,
Ёки менга гўзал кўринар.
Болалигим беқиёс менга,
Ҳанузгача қадри билинар.

Хозир сизга чизиб бераман,
Ўшал мунгли кўринган сурат.
Гохи тунда хаёл сураман,
У кунларда бордир харорат.

Осмони кенг, кулба ҳовлилар,
Бир бурчакда юрардим ўйлаб.
Хаёлим кўп, орзуларим кўп,
Дўстлар билан урушиб ўйнаб.

Бир томондан улғайсам дердим,
Катта бўлмоқ, гўё мақсадим.
Бугун келиб пушаймон едим,
Болалик не бугун англадим.

Отам юрар юмушлар билан,
Онам ўчоғ, тандир ёнида.
Қуёш дерди нурим сен билан,
Шодлик, қувонч бари ёшликда.

Оқар сувдек, йиллар кутмади,
Хаёлимни уйи битмади.
У ҳовлида дарахт камайди,
Билсам сочда қиров кўпайди.

Ҳаёт шу-да, боғлари гўзал,
Боғлардан ҳам тоғлари гўзал.
Ким ёшликни қумсаган бўлса,
Тонгда қуёш боққани гўзал.

© Абдувоҳид Сувонов
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
АЙТИБ БЎЛМАЙДИГАН ҚЎШИҚ

Ҳурсан дерлар - хўрлашар сени,
Гулсан дерлар, зўрлашар сени,
Кўнмоққа мажбурлашар сени,
Аёл бўлиб туғилма Шарқда.

Шамол фурсат саросар бўлар,
Қисмат ғарми - отинг ғар бўлар,
Гувоҳларинг кўр-у кар бўлар,
Аёл бўлиб туғилма Шарқда.

Тоғда алқор, чўлда янтоқ бўл,
Кутиб ўтсин умринг, муштоқ бўл,
Гала бўлма, якка бўл, тоқ бўл,
Аёл бўлиб туғилма Шарқда.

Тож Маҳал ҳам бир шоҳ риёси,
Дунёда йўқ гарчи қиёси,
То кибрнинг йўқдир давоси,
Аёл бўлиб туғилма Шарқда.

Сўз айтмоққа куч топ Дунёга,
Тош алишма меҳригиёга,
Алданма кўп оҳангжамога,
Аёл бўлиб туғилма Шарқда.

Чиқ ёдлардан - рўё бўл, туш бўл,
Кўкларга уч, гирён оққуш бўл,
Кабутар бўл, бор-эй, бойқуш бўл,
Аёл бўлиб туғилма Шарқда.

Сувга тушсанг сувга лойиқ бўл,
Сол, елкан ё сарбаст қайиқ бўл,
Сув қизи бўл, илонбалиқ бўл,
Аёл бўлиб туғилма Шарқда.

Ғурурингни пайҳон этгайлар,
Ўзлигингни яксон этгайлар,
Бир кун мендек пушмон этгайлар,
Аёл бўлиб туғилма Шарқда.

© Гулноз Мўминова
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
* * *

Юрагим оғрийди
Қаҳратон қишда
Юпунгина кастюм илиб эгнига,
Оёғига кийиб ёриқ пойабзал,
Совуқдан тишлари тишга урилиб
Дарсга кетаётган болани кўрсам.

Юрагим оғрийди
Шифохонада
Ўлим тўшагида ётган боланинг
Унсиз йиғлаётган онасини ва
Бўғзига зил каби оғир бир алам
Тиқилиб турсада йиғлолмаётган,
Розилик сўролмай, розиман демай,
Қўллари қалтираб, титраб нафаси
Қўрқиб қараб турган отасин кўрсам.

Юрагим оғрийди
Ёғоч эшикнинг
Чанг босган зулфинин оҳиста тортиб,
Гарчи билиб ҳеч ким кутмаётганин,
Кузатмаслигин ҳам билиб ҳеч кимса,
Зулфин каби оғир хотирлар билан
Ичкарига кирган одамни кўрсам.
Учиб юрар бунда фақат арвоҳлар
Ва фақат суратлар сўзлашар бунда...
Бир вақтлар қанчалар гавжум эди уй.

Юрагим оғрийди
Шарқий Туркистон
Ёқларда сўзлари менга ўхшаган,
Юзию кўзлари менга ўхшаган,
Либоси, таоми, таомиллари,
Неки бўлса бари менга ўхшаган.
Фақат ўхшамаган қисмати нигун,
Фақат кўз ёшлари меникидан пеш,
Яшаб манглайида азалий тугун,
Яшаб ўз юртида ломакон, дарвеш,
Кунботар ёқларга ўйчан термулган
Эрк истар у мунгли кўзларни кўрсам.

Юрагим оғрийди
Оғрийди тинмай
Муаллим хор бўлган ёқларга боқиб,
Илм афгор бўлган ёқларга боқиб,
Аждодлари амир, хону авлоди
Лаганбардор бўлган ёқларга боқиб,
Ё мардикор бўлган ёқларга боқиб.

Бир нажот истарам, аммо билмайман
Ким олар илҳақ дил нолаларини?!
Гоҳо тушларимда қучиб йиғлайман
Юртимнинг мусофир болаларини.
Оҳу мисол ҳуркак, балиқдай сассиз,
Гоҳо таппи йиғар, гоҳ ўтин ғамлар,
Қаҳратон захрида чироқсиз, газсиз,
Тут каби тўкилар бунда одамлар.
Ёзсам сўз тугамас, гапирсам гап кўп,
Мен ҳам бола эдим беозор, ҳалим.
Устозлар қўлимга тутқазиб хатчўп
Она ватан дея берарди таьлим.
Ҳамонки онамдир шу мушфиқ диёр,
Ҳамонки жондурур шу мунгли кўзлар.
Онанинг дуоси ёрга Худо ёр,
Ватанни - Онани асрайлик, дўстлар.

Юрагим оғрийди…

© Ифтихор Хонхўжаев
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
* * *
Акам жасур учувчи эди,
Чақиришди уни илк марта.
Чамадонга лаш-лушин жойлаб,
Жўнаб кетди жанубга шартта.

Менинг акам — босқинчи эмас,
Биласиз-ку, Ватанимиз тор.
Шунинг учун ўзга ерлардан
Жиндай олсак, деган орзу бор.

Мана, акам олибди ўша
Орзу қилган бир парча ерин:
Узунлиги нақ икки қулоч,
Чуқурлиги бир ё бир ярим…

© Бертолд Брехт
https://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
*  *  *
Бўридай ғажирдим бюрократизмни,
Ҳар хил мандатларга йўқ менда ихлос.
Қоғозбозликни йўқ кўргани кўзим,
Қуриб кетмайдими ҳар қандай қоғоз…

Лекин бу… купелар аро йўлакдан,
Амалдор аланглаб ташлайди одим.
Ҳужжат текширмоқда мен ҳам чўнтакдан,
Ёқут каби алвон дафтарим олдим.

Бировдан оларкан бужмайтар афтин,
Бировга шуни ҳам кўрмайди лозим.
Шер тамғали инглиз паспортин,
Оларкан амалдор қилади таъзим.

Бирдан бу жанобнинг буришди юзи.
Қайноқ сув оғзини куйдирди худди.
Жаноби амалдор менинг қип қизил,
Жилдли дафтаримни қўлига тутди…

Бу унга бомбадай кўринди гўё,
Портлайди қўлига олиши билан.
Гўё кирпитикан ўткир устара,
Гўё аждарҳодек қирқ бошли илон…

Бир ҳаммол маънодор қисди кўзини,
Юкингизни бепул бергудай ташиб.
Жосус жандармга боқди сузилиб,
Жосус жандармга қаради шошиб..

Нақ қўйиб берсаю жандарм ҳузур қилиб,
Роса калтакласа мени ётқизиб.
Негаки қўлимда совет паспорти,
Ўроқ болғаси бор чўғдай қип қизил…

© Маяковский
http://www.tg-me.com/Adabiyot_olami
2025/04/08 09:27:06
Back to Top
HTML Embed Code: